Филиппин оролларида кучли «Калмаеги» тайфуни катта талофат келтирди — камида 93 киши ҳалок бўлди, юз минглаб аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Энг кўп қурбонлар Себу вилоятида қайд этилган — бу ерда бир неча кунда ойлик ёмғир миқдоридан ҳам кўпроқ ёмғир ёғган. Мамлакатнинг 53 та маҳаллий ҳудудида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.
Полициянинг юқори лавозимли ходими Хуан Лопес шундай дейди:
«Энг катта ҳалокат — кўчки. Йўлларни тозалаш учун оғир техника ва қўшимча кучлар зарур. Айрим жойларда йўлни тўсиб қўйган дарахтларни олиб ташлаяпмиз, аммо улкан тошлар сабаб машиналар ўта олмаяпти».
Тайфун вақтида шамол тезлиги соатига 140 км гача етган. Кўплаб дарахтлар қулаб, электр тармоқлари узилган.
Ёмғирлар кўчки ва сув тошқинига сабаб бўлган. Мутахассислар айтишича, ҳудудлардаги чиқиндини қайта ишлаш ва канализация тизимидаги муаммолар ҳам тўфон оқибатларини оғирлаштирган. Тозаланмаган дренаж тизимлари сув оқимини қабул қила олмагани натижасида кўплаб уйлар ҳануз сув остида қолмоқда.
Ҳозирда қутқарув хизмати фавқулодда режимда ишламоқда — жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва ҳалокатли ҳудудларда қутқарув ишларини олиб бориш давом этмоқда.
