U-17 Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон илк турда Парагвайни мағлуб этди

U-17 жаҳон чемпионатида ўз иштирокини бошлаган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мусобақани ғалаба билан бошлади. Йигитларимиз гуруҳ босқичининг биринчи турида Парагвайга қарши баҳсда 2:1 ҳисобида зафар қозонишди.

Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланди. Ўзбек ёшлари биринчи дақиқалардан фаол ўйин намойиш этишди. 25-дақиқада жамоамизнинг етакчи ҳужумчиси Азизбек Абдумўминов олис масофадан аниқ зарба бериб, ҳисобни очди.

Танаффус арафасида — 45+1-дақиқада яна шу Абдумўминов иккинчи бор рақиб дарвозасини ишғол этди ва дубл муаллифига айланди. Биринчи бўлим шу тариқа 2:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимда Ислом Исмоилов шогирдлари устунликни сақлаб туришга уринди. Аммо 89-дақиқада Парагвай жамоаси пенальти ишга солди ва Алан Ледесма ҳисобни қисқартирди (2:1). Шунга қарамай, ўйин натижаси ўзгармади — Ўзбекистон муҳим ғалабани қўлга киритди.

Эндиликда терма жамоамиз кейинги баҳсни 8 ноябрь куни Ирландияга қарши ўтказади. Ирландия бугун Панамани 5:1 ҳисобида мағлуб этган ва ҳозирча гуруҳ пешқадами ҳисобланади.

U-17 ЖЧ. «J» гуруҳи, 1-тур:
🇵🇾 Парагвай — 🇺🇿 Ўзбекистон 1:2
Голлар: Ледесма (89’, пен.) — Абдумўминов (25’, 45+1’)