Сурхондарёда собиқ мактаб директори ишдан бўшатилгандан сўнг ўзини ёқиб юбормоқчи бўлди

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида жойлашган 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида аёл киши ўзини ёқиб юбормоқчи бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, мазкур таълим муассасасида 2010 йилдан 2025 йил 16 сентябргача З.А. директор лавозимида ишлаб келган. Аммо бошқарманинг 2025 йил 16 сентябрдаги буйруғига асосан, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ бекор қилинган.

Шундан сўнг, собиқ директор янги раҳбар фаолиятини бошлашига қаршилик кўрсатган. 13 октябрь куни мактабда тайинлов ҳужжатлари топширилаётган пайтда З.А. томонидан фаол қаршилик бўлган, аммо ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Бошқарма маълумотига кўра, ҳозирги кунда 39-сонли мактабга Э.А. раҳбар этиб тайинланган ва таълим жараёни барқарор ҳолда давом этмоқда.