Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари томонидан гиёҳвандликка қарши қаратилган қатор тезкор тадбирлар амалга оширилди.
Сирдарё вилоятида Гулистон шаҳрида фуқаролар уйидан ташкил этилган нарколаборатория фош этилди. Тадбир давомида 4 кг 373 грамм “Мефедрон” синтетик моддаси, электрон тарози ва махсус жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинди. Ҳолат бўйича уч нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан иш қўзғатилди.
Наманган вилоятида Учқўрғон туманида фуқаро Қирғизистондан ноқонуний тарзда кириб келган вақтда тўхтатилди. Текширув жараёнида унинг сумкасидан 9 кг 702 грамм “гашиш” аниқланди. Мазкур шахсга нисбатан 223 ва 246-моддалар билан жиноят иши очилди.
Шунингдек, Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 3,2 миллиард сўмлик 65 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи ва контрафакт дори воситалари мусодара қилинди. Бу воситаларни қабул қилиб олиш ва сотиш билан шуғулланган беш нафар шахс қўлга олинган.
Барча ҳолатлар бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
