Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари йиғилишда соҳа олдида турган асосий муаммолар ва уларни ҳал этиш чораларига тўхталиб ўтди.
Президент таъкидлашича, аҳоли даромадининг катта қисми дори-дармонга сарфланмоқда. Шу боис тиббиёт тизимидаги мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ва аниқ ечимлар топиш зарур.
“Ихтисослашган марказларга сўнгги беш йилда 7,5 триллион сўм маблағ берилди. Улар минглаб замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Дори етмаяпти деб бирорта марказ айта оладими? Афсуски, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланиляпти”, — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш, хорижий ҳамкорлар билан ишлаш, клиник протоколларни янгилаш ва илғор диагностика ҳамда профилактика йўналишларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Охирги беш йилда ошқозон касалликлари 1,5 баробар қисқарган бўлса-да, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида деярли ўзгариш кузатилмаган. Яккабоғда шифокорга мурожаатларнинг 33 фоизи, Ғузорда 29 фоизи, Косон ва Миришкорда эса 25 фоизи ошқозон-ичак касалликлари билан боғлиқ.
Шифокорлар томонидан антибиотикларни пала-партиш тавсия этилаётгани ҳам танқид қилинди. Туманларда врачларга дори воситаларини тўғри қўллаш бўйича тушунтириш ишлари сустлиги қайд этилди.
Буйрак касалликлари улуши Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижонда республика кўрсаткичидан 40–50 фоизга юқори экани маълум қилинди. Бу ҳолат Урология ва Нефрология марказлари раҳбариятини жиддий ташвишга солиши кераклиги айтилди.
Қарши шаҳри, Ангор ва Бўстон туманларида юрак-қон томир касалликлари кўрсаткичи юқори бўлишига қарамасдан, Кардиология маркази бу борада аниқ чора-тадбир белгиламаган. Бу марказга уч йил олдин 5 миллион долларлик лаборатория ва симуляция ускуналари олиб берилгани, аммо ҳалигача ишлатилмагани қайд этилди.
Эндокрин касалликларнинг давоси учун ҳар йили 100 миллиард сўм ажратилаётганига қарамай, қалқонсимон без касалликлари айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда. Эндокринология маркази хизматлар нархини оширган, лекин касалликларнинг профилактикаси билан етарлича шуғулланмаётгани билдирилди.
Шунингдек, хусусий клиникалар айрим йўналишларда давлат шифохоналаридан олдинга ўтиб кетгани қайд этилди. Масалан, жарроҳликда робот технологиялари аввал хусусий секторда жорий этилган, аммо Нейрохирургия ва Хирургия марказлари ҳали бу технологияни йўлга қўймаган.
