Тошкентда чиқиндидан қарзи бўлган 6 минг истеъмолчига вақтинча чеклов қўлланди

Жорий йилнинг 5 ноябр куни Тошкент шаҳри бўйича чиқинди хизматларидан юзага келган қарийб 2 млрд 239 млн сўм дебитор қарздорлик учун жами 25 минг 121 та абонент «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «2100» қисқа рақамидан СМС-хабарнома орқали огоҳлантирилди. Ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 (беш) кун ичида қарздорликни бартараф этмаган 6 мингта абонентнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятига вақтинча чеклов жорий этилди.

Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, айни пайтда Тошкент шаҳри кесимида чиқинди хизматларидан жами 582 млн сўмдан ортиқ дебитор қарздорлик мавжуд бўлиб, мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши биланоқ дарҳол ечилади.

Маълумот учун, ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. 2025 йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 5 ноябридан бошлаб қўлланилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур тартиб жорий йилнинг декабр ойидан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида ҳам жорий этилади.

Абонентлардан чиқиндиларни бошқариш соҳаси ва хизмат сифатига доир таклиф ва шикоятлар юзага келганда Агентликнинг «1205» қисқа рақамига мурожаат қилишлари сўралмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 7 мартдаги 1044-сонли қонунга асосан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини кучайтириш мақсадида янги тартиб жорий этилган. Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг «Тоза макон» биллинг электрон тизимидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг биллинг тизимига узатилмоқда.