Президент Усмон Азимга 3 хонали уй совға қилди

12 ноябрь куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги «Санъат саройи» мажмуасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таваллудининг 75 йиллиги тантанали равишда нишонланди.

Тадбирда халқ шоири Усмон Азим, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, вилоят ижодкорлари, мутасаддилар, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими ардоқли шоирни Сурхондарё аҳли номидан самимий табриклаб, унинг асарларида юртимизнинг гўзаллиги, халқимизнинг руҳи ва миллий қадриятларимиз чуқур ифода этилганини таъкидлади. Шунингдек, шоир ижодида инсонпарварлик, Ватанга муҳаббат ва инсон шаънини улуғлаш ғоялари муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, Улуғбек Қосимов ҳамда Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид шоирга Президент совғаси — Термиз шаҳридаги 3 хонали уй калитини тантанали равишда топширдилар.