Нюрнбергда топилган бомба туфайли 20 мингдан ортиқ инсон эвакуация қилинди

Нюрнберг шаҳрида қурилиш ишлари давомида Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган авиабомба топилди. Бу ҳақда 14 ноябрь куни Германия шаҳри маъмурияти маълум қилди.

«14 ноябрь куни қурилиш ишлари вақтида портламаган бомба топилди. Топилган қурол тахминан 450 килограмм вазнга эга, икки зарба таъсирида ишловчи ўт олдиргичи бўлган америка авиабомбасидир», — дейилади хабарда.

Расмийлар маълум қилишича, бомба 15 ноябрь кечаси зарарсизлантирилиши керак. Ҳозирги вақтда ҳодиса жойида ўт ўчирувчилар, полиция ва бошқа хизматлар, шунингдек уч нафар сапёр иш олиб бормоқда.

Маълумотга кўра, бомба топилгани сабабли Нюрнберг маъмурияти 20 мингдан ортиқ аҳолини эвакуация қилган.