Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса энди 3 йил муддатга берилади. Хулосани электрон тарзда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали олиш мумкин.
Ҳукуматнинг 13 ноябр 2025 йилдаги 720-сонли қарори билан мазкур давлат хизмати бўйича маъмурий регламент тасдиқланди.
Хулоса қуйидаги ҳолатларда талаб этилади:
янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда;
маҳсулот таркиби ёки ишлаб чиқариш технологияси ўзгарганда;
тажриба тариқасида тайёрланган маҳсулотларга;
республикага олиб кирилаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига;
амалдаги хулоса муддати тугаганда.
Четдан келаётган маҳсулотларда хулоса маҳсулотнинг яроқлилик муддатига берилади, яроқлилиги кўрсатилмаган товарларга эса муддатсиз расмийлаштирилади.
Ариза берувчи давлат хизматидан Давлат хизматлари маркази орқали ёки my.gov.uz сайтидан фойдаланиши мумкин. Хулоса 1 иш кунида тайёрланиб, аризачининг шахсий кабинетига юборилади ҳамда QR-код билан тасдиқланади.
