Рақобат қўмитаси «тишсиз бўри»га айланиб қолдими?

Бошида ташкил этилган пайтда Рақобат қўмитаси катта гигантларни ҳам қўрқувга солаёган эди. Лекин кейин секин-аста сусайиб кетди.

Аввалида ҳар қандай «емахўр»ни ғажишни ўрганган «тишли бўри» ҳозирги кунга келиб, кўп тишларидан айрилди чоғи.

Маиший ва майда муаммоларга ўралашиб қолган қўмита катта ва ҳатто жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаёган масалаларга кўз юммоқда.

Масалан, Тошкент шаҳридаги парковка масаласини олайлик. Тўловлари қиммат, битта компанияга топширилган (рақобат йўқ), аввалдан текин бўлган парковкаларни тўсиб, ёнидан пуллисини ташкил қилишмоқда. Ҳатто бозорлардан пул ишлашмоқчи. Аммо қўмита жим.

Ёки Ўзавто Моторс «Кобалт»ини онлайн сотолмай, энди уни яна оффлайн сотишга ўтди. Фарасини ўзгартириб, нархини оширгани, оффлайн сотувда шаффофлик йўқолиб, «шапка» янада авж олиши ҳақида қўмитамиз бош қотирмаётган кўринади.

Ҳартугул телефон компанияларига қарши ўрганиш бошлагани дуруст. Аммо якунда уларнинг фойдасига, халқ зарарига қарор чиқармаслигига кафолат йўқ.

Демак, ҳозирча Рақобат қўмитаси катта «гўштлар»га тиши ўтмаяпти. Уларни «ялаб-ялаб» қайтяпти шекилли.