Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И жанобларини қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Меҳмон Ўзбекистонга амалий ташриф доирасида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, унинг вазифалари ва экспозицияси билан яқиндан танишди.   

Ван И жаноблари, хусусан, марказ фойесидаги 14 та равоқда жойлаштирилган алломалар ва тарихий шахсларга бағишланган композициялар билан яқиндан танишди.      

Экспозициянинг илмий қисмида Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино каби мутафаккирларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссалари ҳақидаги маълумотлар, хусусан «Ал-Жабр вал-Муқобала» асари, алгоритм тушунчасининг пайдо бўлиши ва лотин рақамларининг шаклланиш тарихи Ван И томонидан юқори баҳоланди.   

Олий мартабали меҳмон Ислом давригача оид экспозицияда Бақтрия, Сўғд, Хоразм, Кушон каби қадимий цивилизациялар, уларнинг Хитой билан илмий-маданий алоқалари, Ипак йўли тарихи бўйича тақдим этилган материалларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди. Узоқ тарихий ҳамкорликнинг илк босқичи сифатида Фарғона отлари, беда уруғи ва узумдонларнинг Хитойга олиб кетилгани ҳақидаги маълумотлар меҳмонда айниқса кучли таассурот қолдирди.