Канадада айиқ бир гуруҳ мактаб ўқувчиларига ҳужум қилиши оқибатида 11 киши жабрланди. Улардан икки нафари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, яна икки нафари оғир тан жароҳати олган.
Ҳодиса Ванкувердан шимол-шарқда жойлашган Белла Кула шаҳарчасида содир бўлди. Қутқарув хизмати маълумотига кўра, воқеа жойига иккита тез ёрдам машинаси ва вертолёт жалб этилган. Жароҳатланганларнинг ёши ҳақида маълумот берилмаган, аммо жароҳатлари жиддий экани айтилмоқда.
Маҳаллий аҳоли вакили Вероника Шунернинг айтишича, айиқ 4–5-синф ўқувчилари сайр қилиб юрган пайтда ҳужум қилган. Унинг ўғли ҳам гуруҳда бўлган, аммо омон қолган. Айрим кишилар ҳайвонни тўхтатишга уринган, ўқитувчилардан бири оғир жароҳат олган.
Ҳужумдан сўнг айиқ қочиб кетган. Расмийлар уни ҳали ҳам топилмаганини маълум қилди. Ҳодиса бўйича полиция ва табиатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари ишлар олиб бормоқда. Аҳолига зарурат бўлмаса уйдан кўчага чиқмаслик тавсия этилган. Жабрланган ўқувчилар ўқиган мактаб вақтинча ёпилган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу даврда айиқлар қишки уйқу олдидан ёғ тўплаш учун фаол бўлади ва айниқса ҳужумкор тус олади.
