Наманганда ЙПХ ходими хизмат пайтида ҳалок бўлди

Наманган вилояти Давлатобод туманида 21 ноябрь куни соат 23:00 атрофида ЙПХ ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтда ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, ЙПХ ходимлари тўхташ ишорасини берган «Onix» русумли автомашина ҳайдовчиси тегишли ҳужжатлари бўлмагани учун қочишга уринган. Рация орқали берилган ортирилган маълумотдан сўнг катта сержант Ваҳобжон Мўминов автомашинани тўхтатишга ҳаракат қилган. Шу вақт ҳайдовчи юқори тезликда ҳаракатланиб, ходимни уриб кетган.

Тезкор ҳолда автомашина тўхтатилган ва ҳайдовчи қўлга олинган. Аммо катта сержант Ваҳобжон Мўминов олиб борилган тиббий ёрдамларга қарамай вафот этган.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия билдирди. Маълум қилишларича, Ваҳобжон Мўминов 2007 йилдан буён ички ишлар тизимида фидокорона хизмат қилиб келган. Унинг ортидан турмуш ўртоғи, икки қизи ва бир ўғли қолди.