Экология соҳасида янги чеклов ва талаблар жорий этилмоқда


Аввалроқ Президент томонидан Экология вазирлигини Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига айлантириш тўғрисидаги фармон имзолангани хабар қилинган эди. Ушбу ҳужжат билан экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Фармонга кўра:

Йил охирига қадар мазут ва шунга ўхшаш юқори даражада ифлослантирувчи ёқилғилардан фойдаланиш тўхтатилади, бу соҳадаги жавобгарлик эса кучайтирилади.

1 декабрдан бошлаб республика бўйича АЙҚШларда АИ-80 бензини сотилишининг олдини олиш учун қатъий назорат ўрнатилади.

Декабр ойидан Тошкент шаҳрида юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати тирбандлик юқори бўлган вақтларда чекланади.

2026 йил мартигача “Қурилишда экологик фаолият стандарти” ишлаб чиқилади, унда қурилиш ишлари учун экологик талаблар белгилаб берилади.

Келаси йил апрелигача шамол йўналиши ва тезлигини инобатга олган ҳолда қурилиш олиб бориш стандарти тайёрланади.

2025 йил ноябрь ойи охирига қадар “Яшил Тошкент” лойиҳасини амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилади. Гуруҳ пойтахтда кўкаламзорлаштириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш ишларини мувофиқлаштиради.

Республикада 18 та дендрология боғи ва 15 та ботаника боғлари ташкил этилади.

Ободонлаштириш хизматлари ҳамда “Яшил ҳудуд” ДУК фаолияти такомиллаштирилади.