Саноат корхоналарига 2025 йил 1 декабргача зарарли ташламаларни 2 бараварга камайтириш топширилди

Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида саноат корхоналарига қатъий мажбуриятлар юклатилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистон президентининг 2023 йил 31 майдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 ноябрдаги қарорига асосан, 2026 йил 1 январгача I тоифага, 2026 йил 1 июльгача эса II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар қуйидагиларни бажариши шарт:

  • атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни назорат қилиш учун автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш ва экология органларига интеграция қилиш;
  • юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ҳамда мавжуд ускуналарни модернизация қилиш;
  • санитар ҳимоя зоналарини автоматик стационар кузатув постлари билан жиҳозлаш.

Жазо ва қўшимча мажбуриятлар

Қонунчиликка кўра, ушбу талабларни бажармаслик атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловларини 5 бараварга оширган ҳолда қўллашга асос бўлади.

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, метеорологик шароитлар ноқулай бўлган ҳолларда корхоналар атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни камайтириш ёки бартараф этиш чораларини кўриши шарт.

Талаб ўзгармайди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси барча корхоналардан 1 декабрга қадар атмосфера ҳавосига чиқариладиган зарарли моддалар ташламаларини икки бараварга камайтиришни талаб қилмоқда.

Талаб бажарилмаган тақдирда, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунда назарда тутилганидек, корхона фаолияти 10 иш кунигача тўхтатилиши ёки белгиланган тартибда бутунлай тугатилиши мумкин.

Шунингдек, мажбуриятларни бажармаган корхоналарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ чоралар қўлланади. Атмосферани ифлослантириш оғир оқибатларга сабаб бўлса, жиноий жавобгарликка тортиш мумкин.