Ўзбекистондаги барча масжидларда ёмғир сўраб, «истисқо» намози ўқилади — Мусулмонлар идораси

Ўзбекистонда куз фаслида ёмғирнинг кам ёғиши ҳамда кейинги кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани сабаб, 28 ноябрь куни жума намозидан кейин мамлакатдаги барча масжидларда икки ракат истисқо — ёмғир сўраб ўқиладиган намоз адо этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, мазкур ташаббус муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан илгари сурилган. Истисқо намозида тавба, истиғфор қилиш ва Аллоҳ таолодан ёмғир сўраш мақсад қилинади.

Диний идора Ислом тарихида қурғоқчилик пайтларида истисқо намози ўқилгани ва унинг самараси кўрилганини таъкидлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай вазиятларда жамоат билан дуо қилиб, намоз ўқиганлари ривоят қилинган.

Шунингдек, вилоят ва туманлардаги марказий масжидлар ҳамда зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, гўштлар эҳтиёжманд оилаларга тарқатилади.

28 ноябрь — жумага қадар Ислом таълим муассасаларида устоз ва талабалар томонидан Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари хатми кутуб қилинади. Тарихий манбаларда бу асар қурғоқчилик даврида ўқилганда ёмғир ёғгани қайд этилгани ҳам эслатиб ўтилди.

Умрада бўлган имом-домлаларга эса Икки Ҳарамда ўз гуруҳлари билан истисқо намози ўқиш тавсия этилди, дейилади хабарда.