Тошкентда 890 та қурилиш объектида ишлар тўхтатилди

Пойтахтда ҳаво ифлосланишига қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида 2025 йил 25 ноябрь куни бир қатор ишлар бажарилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, кун давомида:

шаҳардаги 58 та фаввора ишга туширилди;

71 та махсус сув сепиш техникаси кўчаларни ювишга жалб этилди;

жами 444 км кўча ва йўл ёқаларидаги дарахт-буталар ювилди;

890 та қурилиш объектида ишлар тўхтатилди;

яна 241 та қурилиш майдонида 48 та техника ёрдамида сув пуркаш ва чангни бостириш ишлари ўтказилди;

11 та ҳудудда сунъий суғориш тармоқлари, шунингдек канал ва ариқлар бўйлаб жойлашган 5 та фаввора ишга туширилди;

108 та мактаб ва 81 та боғчада суғориш тизимлари ишлатилди;

19 та бозор ва савдо комплексларидаги фаввора ва сув ҳовузлари фаолияти таъминланди;

37 та сув сепиш техникаси орқали бозорлар ҳудуди, 2 мингдан ортиқ дарахт, 45 минг м² том конструкциялари ювилди ва 17 км ирригация тармоқлари тозаланди.

Шунингдек, тижорат банклари ўз тизимидаги 72 та филиал ва 337 та хизмат марказлари олдидаги фаввора ва суғориш тизимларини тўлиқ ишга туширди.

Бошқарув сервис компаниялари эса 11 594 та кўп қаватли уйлар атрофини тозалаш ишларини амалга ошириб, 136 мингдан ортиқ дарахтлардан 20 700 тадан зиёдини ювиб, 15 мингдан ортиғини суғорди.