Японияда эркак нейросетьга ишониб, заҳарли қўзиқорин еб заҳарланди

Нара префектурасининг Симокитаяма қишлоғида 70 ёшли эркак ўрмондан топган қўзиқоринларни вешенка деб ўйлади. У хавотирланиб, аввало ботаник боғ ходимларидан сўрамоқчи бўлди, аммо улар банд бўлгани учун жавобни кута олмади.

Шунда у қўзиқорин суратини нейросетьга юклаб, маслаҳат олди. Чат-бот жавобида: “Шиитаке ёки вешенка, ейиш мумкин”, — деб ёзилган эди.

Эркак шу маълумотга ишониб, қўзиқоринни пишириб еб, ярим соатдан кейин заҳарланиш аломатлари пайдо бўлди. У шифохонага ётқизилди ва шифокорлар унинг аҳволини барқарорлаштиришга муваффақ бўлишди.

Кейин маълум бўлишича, у еган қўзиқорин — цукиотаке (япон омфалоти) бўлиб, у заҳарли ва пиширилганда ҳам хавфлилигича қолади. Япониянинг соғлиқни сақлаш хизмати фуқароларни қўзиқоринларни мустақил равишда, ҳатто сунъий интеллект ёрдамида ҳам, аниқлашга уринмасликка чақирди.