Сунъий интеллект бўйича Президент танлови ташкил этилади

Давлат раҳбари сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича режаларни маълум қилди:

– “Nvidia” компанияси билан суперкомпьютер кластери ишга туширилади, АҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офиси очилади, барча ҳудудлардаги “Келажак марказлари”да СИ бўйича мактаб дастури жорий этилади;

– мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир ҳудудда ғолиб бўлган мактабда энг замонавий сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади;

– Сунъий интеллект бўйича Президент танлови ташкил этилади. Ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёшлар саралаб олиниб, АҚШ, БАА ва Европанинг илғор технология компанияларига стажировкага юборилади;

– ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган йирик ташаббус — “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига старт берилади. 2030 йилга қадар 4,75 миллион ўқувчи ва талаба, 150 минг ўқитувчи, 100 минг давлат хизматчиси ўқитилади. Сунъий интеллект мактаб, касб-ҳунар ва олий таълим тизимларига интеграция қилинади;

– ҳар йили ноябрь ойи “Ёшлар учун сунъий интеллект ойлиги” деб эълон қилинади ва “Ипак йўли сунъий интеллект форуми” доимий равишда ўтказилиб боради.