Қарғалар одамдан ҳам узоқроқ гина сақлайди — олимлар янгича хулосага келди

Қарғалар инсон юзи ва муносабатини эслаб қолишда жуда кучли эканлиги аниқланди. Улар ҳатто гинани узоқ йиллар сақлаши мумкин. Бу ҳақда Вашингтон университети профессори, қарғалар хулқ-атвори бўйича мутахассис Жон Марцлуфнинг тадқиқотларида маълум қилди, деб ёзади IFLScience.

Олимларнинг айтишича, қарғалар йиллар аввал учрашган одамларни ҳам таниб, уларга нисбатан ўша вақтдаги ҳис-туйғуларини сақлаб қолади. Экспериментлар чоғида тадқиқотчилар ҳайвонларни қўрқитиш учун мўлжалланган махсус ниқобларни таққанида, қарғалар айнан шу ниқобга ҳужум қилган. Ёш, жинс ёки ташқи кўринишдан қатъи назар, ўша каби ниқоб кийган ҳар қандай одам улар учун «ҳавфли шахс»дек қабул қилинган.

Назорат сифатида қўлланилган, масалан, Дик Чейни юзини ифодалаган ниқобга эса қарғалар деярли эътибор қилмаган. Аммо «қўрқинчли ниқоб» доим ҳужумга учраган.

Корнелл университети орнитологи Кевин Макгоуннинг таъкидлашича, бундай хулқ ижтимоий ўрганиш билан боғлиқ: бир қарға муайян одамга нисбатан агрессив муносабат кўрсатса, бошқалар ҳам буни этиборга олади ва тезда ўрганиб олади.

Марцлуф 2006 йилда бошлаган тажрибасида қарғалар орадан қарийб 20 йил ўтса ҳам тадқиқотчиларни танишда давом этганини аниқлади. Макгоун эса Нью-Йоркда баъзи қарғаларни ҳалқалаш жараёнидан кейин доимий равишда уларнинг ҳужумларига учраб юрганини айтади — паркка келган бошқа одамларга эса улар ҳеч қандай реакция билдирмаган.

Бу эса шундан далолатки, қарғаларда салбий хотира ва гина жуда узоқ сақланади. Улар ўртача 7–8 йил яшашига қарамай, тўданинг «умумий хотираси» янги авлодга ҳам ўтади ва қарғалар жамоавий равишда «эсда сақлаш»ни давом эттиради.