Ўзбекистон фуқаролари тўлаган солиқлари қайси соҳаларга йўналтирилаётганини кузатиши мумкин бўлади. Бу 28 ноябрь куни имзоланган «Солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш ва фаол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида акс этган.
Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб «Очиқ бюджет» ахборот порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга ошириладиган буджет харажатлари маълумотларини ўзида акс эттирувчи «Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар» модули ишга туширилади.
Бунда:
- жисмоний шахс томонидан муайян даврда тўланган даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўғрисидаги маълумот;
- тўланган солиқлар эвазига Давлат бюджетидан амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар (харажатлар йўналишлари кесимида) доимий равишда эълон қилиб борилади.
Модулни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқади. Унга «Рақамли ҳукумат тизими фойдаланувчиларининг ягона идентификация тизими (ОнеИД) орқали кириш имкониятини яратилади.
Юқорида қайд этилган вазирликлар 2026 йил 1 февралдан бошлаб «Очиқ буджет» ахборот порталида овоз берувчилар портретини ўз ичига олган маълумотлар базасини шакллантириш чораларини кўриши керак.
Солиқ қўмитаси бир ой муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг техник талабномаси асосида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар томонидан тўланган солиқ маълумотларининг «Очиқ бюджет» ахборот порталида фуқаронинг ўзи учун кўринадиган шаклда тўғридан-тўғри шаклланишини таъминлаши керак.
