2 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюриб, инфратузилма ва қурилиш йўналишида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбарiga маълумотга кўра, Жиззах шаҳрини М-39 халқаро автомобиль йўли билан боғловчи 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 кмлик янги йўл фойдаланишга топширилди. Қарийб 290 млрд сўмлик иншоот аҳолининг ҳаракатини анча енгиллаштириб, масофани 25 кмдан 4 кмгача қисқартирган.
Шу ерда Президентга Жиззахда қурилаётган атом электр станцияси бўйича ҳам ахборот берилди. Ҳозирда реакторлар учун котлован қазиш ва қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида 10 минг аҳолига мўлжалланган моношаҳарча барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, давлат раҳбари Жиззах шаҳрига кириш қисмини ривожлантириш, эски турар-жойларни реновация қилиш, IT-марказ ва бир қатор ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича тақдимот билан танишди.
Президент Жиззахда амалга оширилаётган лойиҳалар вилоятнинг янги ўсиш нуқталарига айланиши кераклигини таъкидлади.
