Хитойда туғилиш кўрсаткичини ошириш учун 30 йилда биринчи марта контрацептивларга ҚҚС жорий этилди

Хитой январ ойидан бошлаб презервативлар ва бошқа контрацептив воситаларга 13 фоиз қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) жорий этмоқда. Бу — сўнгги 30 йил ичида биринчи марта бундай солиқ қўлланиши. 1993 йилдан бери бу турдаги товарлар «бир оила — бир бола» сиёсати даврида ҚҚСдан озод қилинган эди.

Bloomberg маълумотига кўра, қарор мамлакатда кузатилаётган туғилишлар қисқаришига қарши курашиш, демографик инқирозни юмшатиш мақсадида қабул қилинган.

Расмий статистикага кўра, 2024 йилда Хитойда атиги 9,54 миллион бола туғилган. Бу 10 йил аввалги кўрсаткичдан деярли икки баробар кам. Бу динамика иқтисодиёт учун жиддий хавфлар келтириб чиқармоқда.

Ҳукумат аҳоли сони ўсишини рағбатлантириш учун бир қатор қўшимча чораларни ҳам кўряпти:

  • болалар, кексалар ва ногиронларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар НДСдан озод қилинди;
  • никоҳ агентликлари ҳам солиқ имтиёзларига киритилди;
  • ота-оналар учун бола парвариши таътиллари узайтирилди;
  • болали оилаларга пулли нафақалар жорий этилди;
  • тиббий заруратсиз абортлар сонини қисқартириш таклифи билдирилди.

Шу билан бирга, мутахассислар таъкидлашича, туғилишни рағбатлантиришни қийинлаштираётган асосий омил — бола тарбияси харажатларининг жуда юқорилиги. YuWa Population Research Institute ҳисоботига кўра, болани 18 ёшгача катта қилиш харажатлари ўртача 538 минг юанни (тахминан 76 минг доллар) ташкил этади. Бу Хитойни бола тарбияси энг қиммат мамлакатлар қаторига қўяди.