Европа дипломатиясининг собиқ раҳбари, Еврокомиссия етакчисининг собиқ ўринбосари Федерика Могерини фирибгарлик иши бўйича қўлга олинди.
Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича собиқ олий вакили, ҳозирда Европа коллежи ректори (2020 йилдан буён) Федерика Могерини Белгияда ҳибсга олинди.
Иш ЕИ томонидан молиялаштириладиган ёш дипломатларни тайёрлаш дастурига алоқадор. Гап 2021-2022 йилларда Европа коллежига берилган ўқув дастурини ўтказиш тендерига тааллуқли. Таъкидланишича, иш доирасида «коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва касб сирини бузиш» ҳолатлари текширилмоқда.
Euronewsʼга кўра, жами уч нафар гумонланувчи қўлга олинган. Улар орасида Могеринидан ташқари Стефано Саннино (италиялик дипломат ва Европа ташқи алоқалар хизматининг собиқ бош котиби) ҳам бор. Учинчи қўлга олинган шахс Европа коллежининг менежери дейилмоқда.
Федерика Могерини мазкур лавозимда 2014-2019 йилларда ишлаган, Италия ташқи ишлар вазири ҳам бўлган. Ундан сўнг Жозеф Боррел ммазкур лавозимга келганди.
Белгия полицияси иш бўйича изоҳ беришдан бош тортган.
