АҚШда ИШИД билан алоқада гумон қилинган ўзбекистонлик қўлга олинди

АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) ходимлари Филаделфия шаҳрида ИШИД террорчилик ташкилоти билан алоқадорлиги аниқланган ёки гумон қилинган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда ICE матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 34 ёшли Ж.А. 18 ноябр куни ушланган бўлиб, у иммиграция органлари рўйхатида “энг хавфли” жиноятчилар тоифасига киритилган шахслардан бири ҳисобланади.

Ҳозирда у Нью-Жерси штатидаги Элизабет контракт ҳибсхонасида сақланмоқда. Расмий маълумотга кўра, унга нисбатан депортация жараёнлари бошланган.

Текширув доирасида фуқаронинг иммиграция ҳуқуқлари, хавфсизликка таҳдид даражаси ва эҳтимолий масъулияти юзасидан якуний қарор қабул қилиниши кутилмоқда.