Кореяга ишчи визаси билан кетган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Миграция агентлиги Кореяда E-7 ва E-9 визалари асосида ишлаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирди.

Қайд этилишича, мазкур визалар асосида ушбу хорижий давлатда ишлаётган баъзи фуқаролар иш жойини норасмий ишларга алмаштирмоқда. Бу эса турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бунда фуқаро ишдан бўшатилса, 1 ойда иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтиши, 3 ой муддатда янги иш берувчи топиб, расмий шартнома тузиши шарт. Бунга амал қилинмаса, катта миқдорда жарима, ноқонунийлик мақоми ва депортацияга олиб келиши мумкин. Миграция агентлиги билан тузилган шартномада ҳам иш жойини келишмасдан тарк этмаслик қатъий талаб ҳисобланади.

Жорий йилда 20 нафар фуқародан уч томонлама шартномани бузганлиги учун 660 миллион сўм жарима ундирилди. Депортация қилинганлар эса давлат берган барча имтиёзларни қайтариб бериши шарт бўлади. Шунингдек, улар 1 йил давомида хорижга ташкилий тартибда юборилмайди.