Игор Сергеевга 920 миллион сўмдан зиёд ойлик таклиф қилинмоқда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Пахтакор” клуби ҳужумчиси Игор Сергеевга Эроннинг «Персеполис» клуби қизиқиш билдирмоқда.

Таъкидлаш жоиз, “Пахтакор” ҳужумчисининг шартномаси йил охирида якунланади. Маълум бўлишича, Эрон клуби Сергеевнинг агенти орқали футболчига йилига 800 минг евро маош тўлаш шарти билан икки йиллик таклиф юборган. “Персеполис” клубида ўзбекистонлик бошқа бир футболчи – Остон Ўрунов ҳам тўп тепади.

Аввалроқ ҳужумчининг хизматларига Самаранинг “Криля Советов” клуби ҳам қизиқиш билдираётган эди. Мазкур трансфер жамоа бош мураббийи Магомед Адиев билан ҳам муҳокама қилингани, самараликлар Сергеевга 2,5 миллион рубль маош ва 1,5 миллион рубль кўтарма пули таклиф қилгани маълум бўлганди. Бироқ футболчининг агентлари рус клубидан 3–4 миллион рубль атрофида маош сўрашган.

Игор Сергеев фаолияти давомида Қозоғистон, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд каби мамлакатларда тўп сурган. У Ўзбекистон миллий терма жамоасида энг кўп гол киритган футболчилар орасида 6-ўринни эгаллаб турибди. 32 ёшли ҳужумчининг “Пахтакор” билан шартномаси декабрь ойининг сўнгида ниҳоясига етади.