Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 млрд кВт/соатга етказилади

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳаларни бошлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Маросим доирасида умумий қиймати 11 млрд доллар бўлган 42 та йирик энергия қувватлари ва инфратузилма объектлари ишга туширилди. Шунингдек, 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди.

Маълумотларга кўра, ҳудудларда жами 3 500 МВт қувватга эга 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидроэлектр станциялари фойдаланишга топширилди. Улар тўлиқ ишга тушгач, йилига 15 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса 2025 йилда «яшил» энергия ҳажмини 23 млрд кВт/соатга етказиш имконини беради.

«Бу — мамлакат аҳолисининг йиллик электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади, дегани», — деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, тоза энергия ҳисобига:

  • 7 млрд куб метр табиий газдан тежалади;
  • атмосферага чиқадиган зарарли моддалар ҳажми 11 млн тоннага камаяди.

Яна бир йирик йўналиш сифатида 1 245 МВт қувватга эга 10 та энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Бу ҳолат тиғиз соатларда тармоққа қўшимча 1,5 млрд кВт/соат электр етказиб бериш имконини яратади.

Шунингдек, 11 та юқори кучланишли подстанция ва 420 км электр тармоқлари фойдаланишга топширилиб, энерготизимнинг барқарорлиги оширилди.

Келаси беш йилда 150 млрд доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, минглаб саноат ва инфратузилма объектлари ишга туширилади.

Шу мақсадда:

  • «Янги Ўзбекистон» массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ энергия тежамкор уй-жойлар барпо этилади;
  • IT, сунъий интеллект, «буюмлар интернети» йўналишлари учун замонавий инфратузилма яратилади.

Айни пайтда Саудиянинг DataVolt компанияси 3 млрд долларлик инвестиция билан 500 МВтли дата-марказ қуриш ишларини бошлаган. Бу каби лойиҳалар мамлакатнинг электр энергиясига бўлган талабини камида 1,5 баробарга оширади.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «энергетикадаги бу кенг кўламли ўзгаришлар Янгиланayotgan Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги стратегик тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади».