Миллатнинг келажаги қаерда қўлдан кетяпти?

Асримизнинг энг хавфли майдони — бу интернет майдонидир. Биз онгга қарата уруш очилган бир даврда яшаяпмиз. Бу фронтда қурол ҳам, қўшин ҳам йўқ. Лекин қурбонлар сон-саноқсиз. Бу қурбонлар миллат болаларидир. Болаларнинг қалби ва онги бу урушда энг осон заҳарланадиган ҳудудга айланди.

Ижтимоий тармоқда янги “устозлар” саҳнаси

Ижтимоий тармоқлар бугунги кунда янги “устозлар”ни дунёга келтирди. Шуҳратпараст лайкбозларнинг асосий мақсади — кўришлар сони.

Энг аламлиси, болалар улардан ўрнак ола бошладилар… Миллий қадриятлар “эскилик сарқити” деб қабул қилина бошлади. Одоб-ахлоққа тамға урилди.

Нима учун жамият сукутда?

Ҳар қандай бузғунчиликка қарши энг кучли ҳимоя — жамиятнинг фарқли реакциясидир. Лекин бизда бу реакция суст. Уятсизликка қарши чиқиш “замонавийликка қарши чиқиш” сифатида кўрилмоқда. Ахлоқсизликни танқид қилиш “эркинликка тажовуз” деб баҳоланмоқда. Аммо биламизки, эркинлик масъулият ва ахлоқ тамойиллари билан боғланмаса, бузғунчиликка айланади. Бугунги ижтимоий тармоқлардаги манзара шундан далолат беряпти:

  • Бузуқчилик оммалаштирилаётир;
  • Тарбия ва маърифат четга сурилаётир.

Тарбия посбонлари қаерда?

Маданият ва маориф — жамиятнинг устунларидир. Аммо уларни кундуз куни чироқ ёқиб ҳам тополмаяпмиз:

  • Болаларни тарбиялайдиган оила ва ўқув даргоҳлари бепарво.
  • Уларни ҳимоя қиладиган идоралар кузатувчидир.
  • Ахборот майдони эса назоратсиз.

Биз нималар қилиб қўйдик?

Телефонни боланинг қўлига бериб, уни «тинчлантирдик» деб ўйладик. Лекин шу телефон боланинг онгига кириб, ичидаги кимдирлар “ўзини болага таништираётганини” пайқамадик. Надоматлар бўлсинким, ўша “кимдирлар” боланинг фикрини, таъбини, қизиқишларини, тушунчаларини, орзу-умидларини сиздан олдин шакллантириб қўйди.

Энди бола сиздан ҳеч нарса сўрамаяпти, сиз билан ҳатто гаплашмайди. Унинг энг яқини, муаллими, ота-онаси — интернет. Ҳа, не қадар аянчли бўлса-да, бемаъни ва тутуруқсиз одамлар устозга айланди. Китоб эмас, видео йўл кўрсатяпти.

Бу жамият ва миллатнинг энг катта йўқотиши.

“Контент” дея номини маркалашган бузуқликлар вирусдан тез тарқалиб, бола ҳаёти учун масъул бўлган оилаю ташкилотлардан минг карра тез ҳаракатланмоқда. Бугун жамиятнинг катта қисми миллатни хавф-хатардан огоҳлантираётган олимни эмас, оғзидан ҳақорат тушмайдиган “артист-блогер”ни тинглаяпти.

Яратиш ўрнига бузиш, ўқитиш ўрнига кулдириш, ўргатиш ўрнига уятсизлик!

Сиз экранда кўраётган видео “контент» эмас, ЖИНОЯТ!

Бу «контент эгаларига» ҳеч ким “Тўхта!” демаяпти… Ҳеч ким “миллатни заҳарлама, бузғунчилик қилма” демаяпти.

Маданиятимизни ва маърифатимизни, халқимизни ҳимоя қилиши керак бўлган идора ва ташкилотлар сукутда.

Афсуски, маънавиятсизликнинг исми мода, билимсизликнинг исми контент, ахлоқсизликнинг исми эркинлик, маърифатнинг исми эса сукут бўлди.

Нодира Қайимова