ИИВ матбуот хизматининг хабар беришича, Эркак Тошкент шаҳар ИИББга қўнғироқ қилиб, уйни таъмирлаш чоғида ертўладан қурол ва ўқ-дориларни топиб олганини ва уларни ўз ихтиёри билан ички ишлар органларига топширмоқчи эканлигини билдирган.
Мурожаат асосида тезкор бўлинмалар ходимлари фуқаронинг яшаш хонадонини кўздан кечириб, ертўладан RGD-5 русумли қўл гранатаси, TOZ-8 ва IJ-27E русумли ўқотар қуроллар, портлатиш мосламаси, қўл граната запаллари, электродетонатор, 500 дан ортиқ жанговар ўқ-дорилар ҳамда бошқа буюмларни аниқлаган.
Маълум бўлишича, мазкур қурол ва ўқ-дорилар фуқаронинг марҳум отасига тегишли бўлиб, у илгари Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилган ва Қуролли Кучлар академиясидан нафақага чиққан.
ИИВ нинг маълум қилишича, , қурол, ўқ-дори ва портловчи моддаларни ихтиёрий равишда топширган шахслар жавобгарликка тортилмайди. Бироқ бундай буюмларни қонунга хилоф равишда сақлаш ёки топширишдан бош тортиш ҳолатлари аниқланса, Жиноят кодексининг 248 моддасига асосан жиноий жавобгарлик белгиланган.
