Мисрдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси Миср ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини огоҳликка чақирди. Бунга сабаб сўнгги пайтларда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фуқароларнинг ушлаб турилиши билан боғлиқ мурожаатлар сони ортиб бораётганидир.

Элчихона маълум қилишича, айни пайтда Қоҳира ва бошқа йирик шаҳарларда хорижий фуқаролар томонидан миграция қонунчилиги ҳамда жамоат тартибига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилган. Ноқонуний равишда бўлиб турган, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёки жамоат тартибини бузган хорижий фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар, жумладан депортация тадбирлари қўлланилмоқда.

Шу муносабат билан элчихона Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига қуйидагиларни қатъиян тавсия этди:

маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш;

паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатни доимо ёнида олиб юриш;

амалдаги виза ёки вақтинчалик/доимий яшаш рухсатномаси (иқома)га эга бўлиш;

тегишли рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик;

виза ёки иқоманинг амал қилиш муддатини ўз вақтида узайтириш.

Элчихона шунингдек, фуқаролар ушлаб турилган тақдирда паспорт ва шахсий ҳужжатларни бегона шахсларга бермаслик, имкон қадар тезроқ Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасига мурожаат қилиш лозимлигини таъкидлади.

📞 Алоқа телефонлари:
+202 3336 1723
+202 3336 4516

Фуқаролардан шахсини ва мамлакатда қонуний бўлиб турганини тасдиқловчи ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан сақлаш ҳамда доимо ёнида олиб юриш сўралди.