Андижонда олтин қуймаларнинг ноқонуний олиб чиқилиши олди олинди

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Андижон вилояти Хўжаобод туманида тезкор тадбир ўтказилди.

“Дўстлик” чегара божхона пости яқинида Фарғона вилоятида яшовчи, 1994 йилда туғилган Т.Т. тўхтатилиб, унга тегишли хўжалик қопи холислар иштирокида текширилди.

Текширув жараёнида қопда бўлган темир қопламали 3 дона автомобиль эҳтиёт қисмлари махсус воситалар ёрдамида очиб кўрилган. Натижада улар ичига жами 7 кг 784 грамм олтин қуймалари яширилгани аниқланди.

Баҳолаш хулосасига кўра, ушбу олтиннинг умумий қиймати 12 млрд 465 млн 795 минг сўмни ташкил этади.

Аниқланишича, фуқаро олтинни Тошкент шаҳридан Қирғиз Республикасида қабул қилиб оладиган шахсга юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари орқали, божхона назоратидан яширган ҳолда етказиб беришни режалаштирган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов давомида олтин қуймаларининг ҳақиқий эгалари аниқланмоқда.