Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида ушбу мамлакатнинг йирик компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда Ўзбекистон—Япония иқтисодий шериклигини янада чуқурлаштириш, инвестициялар ҳажмини ошириш ва янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Рёсэй Аказава, шунингдек Sojitz, Sumitomo, Toyota, ITOCHU, Mitsubishi, Marubeni, NEC, SBI Holdings, Ajinomoto, Hitachi, Mitsui, Eurus Energy, Chubu Electric Power, Shikoku Electric, Shimizu, Hankyu Travel International каби корпорациялар, JBIC, JICA, NEXI, JETRO, ROTOBO, JOGMEC, Norinchukin ва SBI Shinsei банклари ҳамда Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси вакиллари иштирок этди.
Давлат раҳбари япон ишбилармонларининг бундай нуфузли таркиби икки томонлама ишонч ва иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришга қизиқиш юқори эканини кўрсатишини таъкидлади. Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди: япон компаниялари пудрат ишлари билан чекланиб қолмасдан, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестиция киритиб, қўшма корхоналар яратмоқда, технологиялар трансфери ва миллий кадрларни тайёрлашга ҳисса қўшмоқда.

Учрашувда савдо-иқтисодий кўрсаткичларда ижобий динамика қайд этилди: охирги саккиз йилда товар айирбошлаш 2 баравар ошган, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компаниялари сони эса 10 карра кўпайгани билдирилди. Энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, ахборот технологиялари ва инфратузилма каби йўналишларда кооперация мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Президент мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор мақсадларига тўхталиб, сўнгги 8 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2 баравар ошганини, 2030 йилга қадар мамлакатни ўрта даражадан юқори даромадли давлатлар қаторига киритиш вазифаси белгиланганини қайд этди. Шу муносабат билан япон ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш, саноатлашувни тезлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш жараёнларида фаол иштирок этишга таклиф қилинди.


Музокараларда ҳамкорликнинг қатор устувор йўналишлари белгиланди. Жумладан, энергетик барқарорлик ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, қайта тикланадиган энергия манбалари ҳамда энергияни захиралаш тизимларини ривожлантириш, иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ўта муҳим минералларни қўшилган қийматнинг тўлиқ занжири асосида чуқур қайта ишлаш, машинасозлик ва саноат ускуналари ишлаб чиқаришини кенгайтириш, сунъий интеллект ва рақамлаштириш дастурларини амалга ошириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Яна бир муҳим йўналиш сифатида махсус иқтисодий зоналарни замонавий стандартлар асосида ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва рақамли бошқарувни жорий этиш орқали уларни юқори технологияли, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш ҳамда саноат кооперацияси марказларига айлантириш вазифалари кўрсатиб ўтилди. Мисол тариқасида, JICA кўмагида Япония модели ва стандартлари асосида махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани айтилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Японияни нафақат инвестор, балки келажак саноатини барпо этишда стратегик ҳамкор сифатида кўриши таъкидланди. Япония ишбилармон доиралари вакиллари эса Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш ва устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш режаларини билдирди.
