Кўпкари – мардлар ва алплар майдони. Минг йиллардан буён маҳаллаларимиз сайиллари, катта байрамлар, тўю томошаларимиз кўпкари билан янада файзли, гавжум-шукуҳли ўтиб келмоқда. Улоқ мусобақалари урф-одатларимизни кенг оммалаштириш, мардлик-тантилик, жасурлик, ҳалоллик омили, янги кун ва жўшқинликнинг ёрқин ифодаси сифатида ҳам азалдан эъзозланиб келмоқда.
Сўнгги пайтларда ўзининг ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан республикамизда яққол кўзга ташланиб бораётган Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги Уяс маҳалласи ҳудудида ўтган вилоят кубоги баҳслари ҳам кўлами ва салмоғи билан алоҳида ажралиб турди. Чавандозлик беллашувларида танланган улкан адир ён бағирлари отлиққа ҳам, пиёдага ҳам тўлиб кетди. Ҳатто қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистондан ҳам кўплаб чапдаст ва довруқли чавандозлар келишди.















Бош зотга жуда катта инъом қўйилди. Масалан, мингта китоб. Токи от ва китоб билан дўстлашган, ҳеч қачон завол кўрмайди, маънавияти бутун бўлади, ҳушёрликни қўлдан бермайди, дунёда фақат яхшилик кўради.
“Кўзи кўр чавандоз майдонга туша олмагани каби, тафаккурида бўшлиқ бўлган киши ҳам ҳаёт майдонида йўлини йўқотиши тайин. Бугунги ибратли тадбир шуниси билан ҳам бизга жуда манзур бўлди. Аммо бош совринларни олиш бизга насиб қилмади, лекин бундан хафа ҳам эмасмиз. “Бугатди” оти билан чавандоз дўстларимиз ғолиб бўлганидан мамнунмиз”, дейди қашқадарёдан “Олмос” лақабли оти билан баҳсларда иштирок этган чавандоз.
Шу билан бирга, бош совринга ҳар бир оила учун зарур бўлган, хонадонда энергия самарадорлигини таъминлайдиган 10 кВт замонавий қуёш панеллари, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида ноёб навли 100 туп чинор кўчати, Бекобод туманида етиштирилган энг сара, олий навли 1 тонна лазер гуручлар тақдим этилди.
Аслида бу ўйинлар эр-йигитларимизнинг ҳамжиҳатлик ва дўстлик, чинакам ботирлик ва маҳорат кўриги ҳам бўлди.
