Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти топширилди. Мукофот Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида Санкт-Петербург шаҳридаги Н.А.Римский-Корсаков номидаги давлат консерваториясида бўлиб ўтган тантанали маросимда топширилди.
Маросимда Россия Президенти Владимир Путин иштирок этди. Халқаро мукофотни унинг ҳакамлар ҳайъати раиси, машҳур дирижёр Валерий Гергиев топширди. Ушбу мукофот, шунингдек, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга ҳам берилди.
Уч давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлди. Хусусан, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳамда Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация имзолангани таъкидланди.
Мукофот Марказий Осиёда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва инсонпарварлик ғояларига асосланган янги муносабатлар даври бошланганининг рамзи сифатида эътироф этилди.
