Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. Тадбир Россиянинг “Эрмитаж” давлат музейида бўлиб ўтган.
Учрашувда Россия президенти Владимир Путин, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян қатнашган.
Давлат раҳбарлари 2024 йилда Ҳамдўстлик доирасида амалга оширилган ҳамкорлик натижаларини муҳокама қилган ва 2025 йил учун устувор вазифаларни белгилаб олган. Шунингдек, минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, инвестицияларни рағбатлантириш ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланган. Энергетика ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фан, таълим, маданият ва санъат йўналишларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, МДҲ мамлакатлари ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни давом эттириш, айниқса ёшларнинг ижодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилган.
