Президент Шавкат Мирзиёев Мурожаатнома давомида мамлакатда космик соҳа, капитал бозори ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қатор муҳим режаларни эълон қилди.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор сунъий йўлдошни фазога учириш, шунингдек, мамлакат фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини тайёрлаш ва парвозга чиқариш ишлари бошланган. Бу жараён сунъий интеллект билан уйғун ҳолда олиб бориладиган илмий-тадқиқотлар билан боғлиқ бўлади.
Шу билан бирга, 2028 йилда Самарқанд шаҳрида “Халқаро астронавтика конгресси”ни ўтказишга тайёргарлик ишлари ҳам бошлангани айтилди.
Президентнинг таъкидлашича, бу қадамлар Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик тараққиётини янги босқичга олиб чиқади.
Мурожаатнома давомида иқтисодий соҳада ҳам муҳим янгиликлар маълум қилинди. Жумладан, “Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси яқин фурсатда қабул қилиниши кутилмоқда. Бу орқали маҳаллий компанияларга ички бозорда хорижий валютада облигация чиқариш, шунингдек, корхоналарнинг халқаро бозорларда акциялар жойлаштириши имкони яратилади. Ушбу чоралар ҳисобига тадбиркорларга қўшимча 1 млрд долларгача маблағ жалб қилиш имконияти пайдо бўлади.
Президент аҳоли фаровонлиги ошганига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, сўнгги беш йилда уй-жой ва автомобиллар хариди кескин ўсган, социологик сўровлар ва халқаро экспертлар таҳлилларига кўра, аҳолининг 75 фоизида молиявий ҳолат сезиларли даражада яхшиланган.
Шунингдек, 2026 йилда уй-жой ипотекаси учун 23 трлн сўм ресурс ажратилади. Бошланғич тўлов ва фоизларни қоплаш учун 2,7 трлн сўм субсидия берилади, имтиёзли ипотека кредити миқдори эса 15 фоизга оширилади.
