Италиянинг Абруццо минтақасида жойлашган Пальяра-дей-Марси қишлоғида қарийб 30 йилдан бери илк марта бола дунёга келди. Янги туғилган қизалоққа Лара деб исм қўйилди. Унинг туғилиши билан қишлоқ аҳолиси сони 20 нафарга етди.
Қизалоқнинг чўқинтириш маросимида бутун маҳаллий жамоа иштирок этди. Бу воқеа шунчалик ноёб бўлдики, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Кўплаб одамлар айнан шу хабар орқали ушбу қишлоқ ҳақида илк бор билишди.
Ларанинг туғилиши қишлоқ аҳолиси учун катта қувонч бўлса-да, айни пайтда Италиядаги демографик инқирозни яна бир бор эслатди. Миллий статистика агентлиги — Istat маълумотларига кўра, мамлакатда туғилиш кўрсаткичи сўнгги 16 йил давомида изчил пасайиб келмоқда. 2024 йилда туғилиш тарихи энг паст даражага — 369 944 нафарга етган.
2025 йилнинг илк етти ойи бўйича дастлабки маълумотлар туғилиш янада камайганини кўрсатмоқда. Абруццо минтақасида бу муаммо айниқса кескин: 2025 йил январь–июль ойларида туғилиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,2 фоизга камайган.
Пальяра-дей-Марси мэри Джузеппина Пероццининг таъкидлашича, қишлоқда аҳоли кескин камайиб бормоқда: қариялар ҳаётдан кўз юммоқда, ёшлар эса уларнинг ўрнини босмаяпти.
Лара туғилгандан сўнг, унинг ота-онасига бир марталик 1000 евро миқдорида пул тўланди. Шунингдек, улар ҳар ой тахминан 370 евро бола нафақаси олишмоқда. Бироқ ота-она қизларининг таълими масаласидан хавотирда — қишлоқдаги охирги мактаб ҳам бир неча ўн йиллар олдин ёпилган.
