Рақобат қўмитаси “Poytaxt parking” фаолияти юзасидан маълумот берди

Рақобат қўмитаси “Streetpark Systems” МЧЖ (Poytaxt parking)ни умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматлар бозорида устун музокара кучига эга хўжалик юритувчи субъект сифатида эътироф этганини маълум қилди.

Қўмита хабарига кўра, мазкур ҳолат 2025 йил 22 декабрдан эътиборан қайд этилган. Шунингдек, “Рақобат тўғрисидаги” қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, устун мавқега эга субъектлар томонидан рақобатни чеклашга ёки истеъмолчилар ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келувчи ҳаракатлар тақиқланиши эслатиб ўтилган.

Айни пайтда жамоатчиликни қатор масалалар қизиқтирмоқда. Жумладан, “Streetpark Systems” ахборот тизими оператори сифатидаги мақоми қандай баҳоланиши, пулли тўхтаб туриш жойларига оид ахборот базасидан фойдаланишда барча иштирокчилар учун тенг шарт-шароитлар яратиладими ёки йўқлиги, шунингдек, мазкур соҳада рақобат муҳитини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чоралар кўриладими, деган саволлар очиқ қолмоқда.