Apple компанияси 2026 йилда стандарт iPhone 18 моделини тақдим этмаслиги мумкин. Бу ҳақда бир қатор нуфузли манбалар хабар бермоқда. Унга кўра, Apple iPhone’ларни тақдим этиш бўйича кўп йиллик анъанавий йиллик жадвални ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда катта муваффақиятга эришган iPhone 17 модели камида 18 ой давомида Apple’нинг асосий стандарт iPhone’i бўлиб қолади. iPhone 18 эса фақат 2027 йил баҳорида тақдим этилиши кутилмоқда. Бу ҳолат Apple тарихида илк бор компания бир йил давомида янги авлод стандарт iPhone’ни чиқармаслиги билан эътиборли.
Сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт давомида Apple барча асосий iPhone моделларини сентябрь ойида бир вақтда тақдим этиб келган. Бироқ 2026 йилдан бошлаб компания iPhone’ларни икки босқичда чиқаришга ўтиши мумкин. Янги стратегияга кўра, қиммат ва премиум моделлар кузда, стандарт ва арзонроқ моделлар эса кейинги йил баҳорида сотувга чиқарилади.
Шу сабабли 2026 йил кузида iPhone 18 Pro, iPhone 18 Pro Max ҳамда букланувчи (foldable) iPhone тақдим этилиши, стандарт iPhone 18 эса 2027 йил баҳорига қолдирилиши режалаштирилмоқда. У iPhone 18e ва iPhone Air 2 билан бирга чиқарилиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, бу ўзгариш Apple’нинг iPhone моделлари сони кескин ошгани билан боғлиқ. 2026 йил охирига бориб компания камида 8 хил iPhone моделини бир вақтнинг ўзида сотувда ушлаб туриши мумкин. Босқичма-босқич тақдимот эса ички рақобатни камайтириш, моделларнинг савдо муддатини узайтириш ва йил давомида савдони барқарор тақсимлаш имконини беради.
Шунингдек, таҳлилчилар ушбу қарор ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларини енгиллаштириши, эҳтиёт қисмлар таъминотини яхшилаши ҳамда компания даромадларини йил давомида тенгроқ тақсимлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.
