Ucell’нинг собиқ раҳбари Владимир Кравченко дадаси вазир бўлишидан бир ҳафта аввал ўлдириб кетилгани ҳақида гапирди.
Ucell компаниясининг собиқ бош директори, шунингдек, Uzmobile’га ҳам бир муддат раҳбарлик қилган Владимир Кравченко отасининг фожиали ўлими ҳақида Nima Gap подкастида илк бор очиқ маълумот берди.
Кравченконинг айтишича, унинг отаси ўз вақтида алоқа вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
1996 йилда эса марҳум президент Ислом Каримов уни вазир лавозимига тайинлашга қарор қилган. Бироқ орадан бир ҳафта ўтгач ўлдириб кетишган.
“Суҳбатга киряптилар. Икки ҳафтадан кейин вазир бўласан, дейишяпти. Бир ҳафтадан кейин эса шу иш бўляпти. Кўз олдимда ўлдириб кетишган”, дейди Кравченко.
Унинг айтишича, отасининг ўлимидан сўнг, икки киши қамоққа олинган, аммо қотилликнинг асосий сабаби ва айбдорлари номаълумлигича қолган.
«Ўзлари билан 500 та видеокассетани ҳам олиб чиқиб кетишган», дейди Кравченко.
Кравченко 1985 йил туғилган, Тошкент халқаро Вестминстер университетини тамомлаган. У 2018 йилда Ucellʼга директор бўлганди.
