Германиянинг Бавария ҳудудида жойлашган Бургзинн шаҳрида кутилмаган воқеа юз берди. 50 га яқин қўй подадан адашиб, супермаркетга кириб кетган.
Қўйлар 500 бошдан иборат подага тегишли бўлиб, саноат ҳудуди орқали ҳайдалган. Йўл чорраҳасида уларнинг бир қисми подадан ажралиб қолган ва номаълум сабаб билан дўкон томон йўл олган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қўйлар автоматик эшиклар орқали супермаркетга кириб келаётгани акс этган. Бу ҳолат ходимлар ва харидорларда ҳайрат уйғотган, бироқ жиддий саросима кузатилмаган.
Қўйлар дўконни ўзлари тарк этган. Аммо улар ортидан синган шишалар, шикастланган товарлар ва ифлослик қолгани сабабли супермаркет вақтинча ёпилиб, тозалаш ишлари олиб борилган.
Маҳаллий ОАВга кўра, етказилган зарарни чўпон қоплаб бериши мумкин.
