Бизнесга лицензиясиз кириш, давлат хизматчиларига тадбиркорлик тақиқи ва фамилия беришда янги тартиб таклиф этилди

13 январь куни Қонунчилик палатасида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Унда давлат хизматларини такомиллаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва айрим соҳаларни тартибга солишга қаратилган қатор янгиликлар назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳамда тижорат ташкилотларига таъсисчи бўлиш тақиқланади. Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган.

Шунингдек, «бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган айрим фаолият турлари бўйича тадбиркорлар 3 ойгача лицензия олмасдан, фақат электрон хабардор қилиш орқали иш бошлаши мумкин бўлади.

Архив соҳасида эса «электрон архив» тушунчаси жорий этилиб, архив ҳужжатларининг электрон нусхаси асл нусха билан тенг юридик кучга эга бўлиши белгиланмоқда. 2030 йилгача архив ҳужжатларининг 60 фоизини рақамлаштириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Оила кодексига киритилаётган ўзгаришларга кўра, болага фамилия беришда отанинг исмини фамилия сифатида белгилаш имконияти яратилади. Бу фуқароларнинг миллий ва диний анъаналарини инобатга олган ҳолда қулайлик яратиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.