Хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилган касалликлар рўйхати тасдиқланди


Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан хавфсизлик камаридан фойдаланиш мумкин бўлмаган касалликлар ва ҳолатлар рўйхати тасдиқланди.


Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, фуқаролар тиббий маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда хавфсизлик камарини тақмаслик ҳуқуқига эга. Мазкур маълумотнома касаллик турига қараб 1 йилгача ёки муддатсиз берилади.


Рўйхатга қуйидаги касаллик ва ҳолатлар киритилган:
ўмров, тўш, елка камари ва қовурғалар синиши;
умуртқа поғонасининг компрессион синиши;
ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бронхиал астманинг IV босқичи;
ўпканинг бир қисми ёки тўлиқ олиб ташланган ҳолатлар;
сурункали юрак етишмовчилигининг оғир босқичлари;
оғир юрак-қон томир касалликлари;
семизликнинг III даражаси (BMI ≥ 40);
бўйи 150 см дан паст бўлган шахслар;
қўл ёки елка ҳаракатини чекловчи неврологик касалликлар;
кўкрак қафасидаги оғир дерматологик касалликлар;
имплантлар мавжудлиги, очиқ операциялар, стома ва йирик ўсмалар.


Электрон тиббий маълумотнома QR-код орқали расмийлаштирилади ва “Электрон соғлиқни сақлаш” тизими орқали берилади.
📌 Айрим ҳолатларда (ўпка олиб ташланган ёки бўйи паст фуқаролар) маълумотнома муддатсиз берилади.