Президент: элчилар кабинетда ўтирмасин, фуқаро олдига чиқсин


Хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдлар чоғида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётгани жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотмоқда. Президент бу масалага кескин муносабат билдириб, Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар фаолиятини танқид қилди.


Таъкидланишича, айрим ҳолатларда ТИВ расмий нота бериш билангина чекланиб қолмоқда, бу эса етарли эмас. Давлат раҳбарига кўра, элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат бўйича малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини фаол ҳимоя қилиши шарт.


Шунингдек, хорижда таҳсил олаётган ёшлар ва талабаларнинг турли оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани жиддий хавотир уйғотаётгани қайд этилди. Президент элчиларни “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, қурилиш майдонлари, ётоқхоналар ва талабалар аудиторияларига бориб, ватандошларимиз муаммоларини жойида ўрганишга чақирди.


Бундан буён хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун бепул колл-марказ ташкил этилиб, мурожаатларни тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратилади.


Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаш, миллий манфаатларни халқаро майдонда янада қатъий ҳимоя қилиш вазифаси қўйилди. Элчихоналар фаолиятини кучайтириш мақсадида ҳар бирига йилига қўшимча 100–200 минг доллар ажратилади.


Дипломатлар меҳнатини муносиб баҳолаш учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат” фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.