Бугундан Ўзбекистон ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда қор ёғиши кузатилмоқда.
Энергетика вазирлиги маълум қилишича, совуқ об-ҳаво шароити сабаб энергетика тизими кучайтирилган иш режимига ўтказилган. Электр энергияси, иссиқлик ва табиий газ тармоқларида қўшимча техник кўриклар ўтказилиб, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш қувватлари мавжуд шароитга мослаштирилган.
Масъул хизматлар 24 соатлик навбатчилик асосида иш олиб бормоқда. Вазирлик билдиришича, совуқ кунларда энергияга бўлган талаб ошиши натижасида айрим ҳудудларда вақтинчалик техник чекловлар жорий этилиши мумкин.
Шу билан бирга, аҳоли ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни барқарор энергия билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Энергетика вазирлиги фуқароларни электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланишга, иситиш ускуналарини тежамкорлик билан қўллашга чақирди.
