Австралияда ижтимоий тармоқларда 4,7 миллион болалар аккаунти блокланди

Австралияда 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга тегишли 4,7 миллион аккаунт блокланди. Болаларга интернет тармоқларида рўйхатдан ўтишни тақиқловчи қонун ўтган йил охирида кучга кирган. Бу ҳақда Австралия ҳукумати ҳузуридаги мустақил орган — Интернет хавфсизлиги бўйича комиссар идораси маълум қилди.

Қонун ижроси учун масъулият тўлиқ ижтимоий тармоқлар зиммасига юклатилган. Улар вояга етмаганлар томонидан янги аккаунтлар очилишининг олдини олиши, шунингдек, мавжуд болалар аккаунтларини ўчириб ташлаши шарт. Акс ҳолда, платформаларга 49,5 миллион австралия долларигача (32,9 миллион АҚШ доллари) жарима солиниши мумкин.

Фойдаланувчиларнинг ёшини аниқлаш учун платформалар ҳужжатлар талаб қилиши ёки юкланган суратларни таҳлил қилиши мумкин. Шу билан бирга, вояга етмаганлар рўйхатдан ўтиш талаб этилмайдиган очиқ контентни ижтимоий тармоқларда томоша қилишда давом этишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Австралия парламенти 16 ёшга тўлмаган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллаган. Қонун 2025 йил 10 декабрдан кучга кирган. Ўша йил ноябрь ойида эса бир неча ўсмир ушбу тақиқ Конституцияга зид эканини билдириб, судга мурожаат қилган.