Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилда АҚШнинг Нью-Йорк ёки Вашингтон шаҳрида ўзбекистонликлар учун маҳалла гузари ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда у Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ташаббус АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашувлар давомида илгари сурилган. Маҳалла гузарида Ўзбекистон давлат байроғи ўрнатилади, миллий ошхоналар ва чойхоналар ташкил этилади. Лойиҳа ватандошлар учун умумий маданий ва ижтимоий макон сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.
Президент ушбу лойиҳа бўйича тадбиркорларни жалб қилган ҳолда аниқ ва амалий таклифлар ишлаб чиқишни топширди. Мазкур вазифани амалга ошириш Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов зиммасига юклатилди.
