Навоийда 5 ойлик чақалоқ отаси томонидан зўравонлик оқибатида вафот этди

Навоий вилояти Хатирчи туманида 5 ойлик чақалоқ отаси томонидан оғзига пайпоқ тиқилиши оқибатида вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қўлга олинган.

Маълум қилинишича, воқеа 10 январь куни содир бўлган. Чақалоқ йиғлаётгани сабабли отаси уни тинчлантириш мақсадида оғзига пайпоқ тиққан. Оқибатда болада нафас етишмовчилиги юзага келиб, у кўкара бошлаган. Она болани зудлик билан шифохонага олиб борган.

Шифокорлар томонидан бир неча кун давомида реанимацион ёрдам кўрсатилганига қарамай, чақалоқ 14 январь куни шифохонада вафот этган.

Шифокор Ўрал Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, бола тиббиёт муассасасига клиник ўлим ҳолатида олиб келинган. Унда юрак уриши ва нафас олиш фаолияти тўхтаган бўлган. Реанимация тадбирлари орқали юрак уриши тикланган, бироқ тўрт кунлик даволаш жараёнига қарамасдан, боланинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Маҳалла вакилларининг билдиришича, ушбу эркакнинг шаръий никоҳ асосида иккинчи оиласи бўлган. Аввалги оиласида ҳам фарзандларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари кузатилган. У билан бир неча бор профилактик суҳбатлар ўтказилган ва у профилактик назоратда бўлган.

Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Файёзбек Қосимовнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.