Навоийда автобус иштирокида ЙТҲ: икки нафар фуқаро жароҳат олди

Ижтимоий тармоқларда “Навоийда яна автобус ағдарилди” сарлавҳаси остида тарқалган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 17 январь куни соат 07:00 ларда Томди тумани “Томдибулоқ” ОФЙ ҳудудидан ўтувчи А–379 “Навоий–Учқудуқ” халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлининг 189–190-километрлари оралиғида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

“ZHONG TONG BUS” русумли автобус “Навоий–Зарафшон” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган вақтда ҳайдовчи бошқарувни йўқотган. Натижада автобус йўналиши бўйича йўлнинг қарама-қарши томонига ағдарилган.

Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро турли тан жароҳатлари билан Зарафшон шаҳри тиббиёт муассасасига етказилган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.